Аксиядорлик жамияти

From UzEnc
Jump to navigation Jump to search

Аксиядорлик жамияти — даромад топиш мақсадида ҳиссадорлик тамойилига биноан уюшган шерикчилик жамияти.

Аксиядорлар жамияти бошқа шерикчилик корхонасидан фарқлироқ, муомалага аксиялар чиқариш ва уни сотиш йўли билан тарқатиш бундай жамиятнинг молиявий негизини ташкил этади. Аксия эгалари уни нархи ўсиши ва дивиденд шаклида даромад оладилар.

Турлари[edit | edit source]

Аксиядорлар жамиятининг очиқ ва ёпиқ жамият шаклидаги кўринишлари бор:

  • Ёпиқ аксиядорлик жамияти — аксия эгалари маълум гуруҳ, масалан, таъсисчиларнинг ўзи билан чекланади. Аксиялар фақат уларнинг ўртасида тарқатилади.
  • Очиқ аксиядорлик жамияти — жамият аксиялари эркин сотилади ва сотиб олинади, аксиядорлар сони чекланмаган, хоҳлаган ва аксия олишга пули бор юридик ёки жисмоний шахс, шу жумладан, ажнабий шахслар унинг аъзоси бўла олади.

Таърифи[edit | edit source]

Аксиядорлик жамияти пулни бир ерга тўплаб бизнесга қўйиш учун тузилади. Унинг ташкилотчилари таъсисчилар деб юритилади. Таъсисчи фирмалар, банклар, давлат ва айрим фуқаролар бўлиши мумкин. Аксиядорлар жамиятининг афзаллиги шундаки, у майда пулни тўплаб йирик пулга айлантириш, яъни капитал бўла оладиган пулга айлантиришдан, майда пулдорларнинг пулини ҳам бизнесга қўйишдан иборат. Аксиядорлар жамиятини бошқаришнинг олий органи — аксиядорлар умумий йиғилиши, сўнгра — жамият бошқаруви ёки директорлар кенгаши ва қуйи бўғини — бўлинмалар бошқармасидан иборат. Аксиядорлар умумий йиғилиши аксиядорлар жамияти йиллик ҳисоботини, низомдаги ўзгаришларни, даромаднинг тақсимланишини, фойда-зарар ҳисоб-китобини, тафтиш натижалари, раҳбарларни сайлаш масаласини кўриб чиқади ва тегишли қарорлар қабул қилади.

Тарихи[edit | edit source]

Дастлаб аксиядорлик жамияти 17-асрда пайдо бўлган, ҳозирда кенг тарқалиб, оммавий тус олган. Ўзбекистонда аксиядорлик жамияти бозор ислоҳотлари давомида мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнида пайдо бўлди, давлат корхоналарини аксиядорлик жамиятига айлантириш мулкий ўзгаришларнинг йўналишларидан бирига айланади. Ислоҳотларнинг биринчи босқичида ёпиқ турдаги аксиядорлик жамияти ташкил топди. Унинг 2-босқичида очиқ турдаги аксиядорлар жамияти шакллана бошлади. Ўзбекистонда 1995-йилда 2255 та, 1996-йилда 5500 та аксиядорлар жамияти ишлади. Ўзбекистонда аксиядорлик жамияти нодавлат секторига киради.

Аксиядорлик жамияти мустақил, лекин улар давлат белгилаган қонун-қоидалар асосида иш кўради. Уларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг „Аксиядорлик жамиятлари ва аксиядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида“ қонунига биноан олиб борилади.

Адабиётлар[edit | edit source]

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил