Ал-Хоразмий

From UzEnc
Jump to navigation Jump to search
Математика
Ўрта Осиё уйғониш даври
1983 CПА 5426 (1).пнг
Ал-Хоразмийнинг 1200 йиллик юбилейи шарафига 1983-йил 6-сентабрда босиб чиқарилган почта маркаси

Исм

Абу Абдуллаҳ Муҳаммад ибн Муса ал-Хоразмий

Таваллуди

тахминан 780, Хоразм, Ўзбекистон

Вафоти

тахминан 850, Боғдод, Ироқ

Фалсафа мактаби

Байт ул-Ҳикма

Олган таъсирлари

Птоломей

Хоразмий, Абу Жаъфар (Абу Абдуллоҳ) Муҳаммад ибн Мусо ал Хоразмий (783, Хива – 850, Бағдод) – математик, астроном, географ, фан тарихидаги илк қомусий олимлардан. Дастлабки маълумотни Хива шаҳрида олган ва етук олим бўлиб шаклланган. Бунда араб истилосидан сўнг муайян даражада сақланиб қолган қадимги Хоразм фани анъаналари асосий рол ўйнаган. Халифа Ҳорун ар Рашиднинг ўғли ва унинг Хуросондаги волийси ал Маъмун ҳузурига – Марвга таклиф этилган. 819-йилда Бағдодни эгаллаган ал Маъмун Марказий Осиёлик олимлардан Хоразмий, Аҳмад ал Фарғоний, Ҳабаш ал Ҳосиб Марвазий, Абул Аббос Жавҳарий ва бошқаларни ўзи билан олиб кетиб, ўзига хос илмий жамоа ташкил этган. Бу жамоа фан тарихидаги дастлабки росмана академия деб қараладиган илмий муассаса – „Байт ул Ҳикмат“ („Донишмандлик уйи“)нинг асосини ташкил этган. Бу академияда Хоразмий етакчи олим ва илмий раҳбар бўлган. У шу даврдан бошлаб Бағдодда ал Маъмун (813–833), сўнг ал Мўътасим (833–842), ал Восиқ (842–847) халифалиги даврларида яшаб ижод этган.

Хоразмийнинг бизгача ўнтача асари тўлиқ, қисман ёки айрим парчалар тарзида етиб келган. Шу асарларнинг ўзиёқ кўрсатадики, Хоразмий инсоният сивилизациясига буюк ҳисса қўшган олимдир. Америкалик фан тарихчиси Георге Сартон Хоразмийни „Ўз замонасининг энг буюк математиги, агар барча ҳолатлар эътиборга олинса, барча замонларнинг энг буюк математикларидан бири“, деб баҳолаган. Бундай баҳо Хоразмийнинг математика тарихида тутган беқиёс ўрни сабаб.

Милоддан аввалги 6-асрдан милодий 5-асргача равнақ топган юнон маданияти 4-асрга келиб инқирозга юз тутди. 415-йилда юнон фанининг хазинаси бўлган Искандария кутубхонаси вайрон қилиниб, минглаб китоблар ёқиб юборилди. Натижада фан тараққиётдан тўхтаб, хатто қўлга киритилган ютуқлар ҳам унутила бошлади. 4–8-асрларда олис Хитой ва Ҳиндистондаги айрим олимлар фаолиятини ҳисобга олмаганда Константинопол (Византия) ва Гандишапурда (Эроннинг ҳозирги Ҳузистон вилоятида) жон сақлаган юнон олимлари, айрим сурёний, яҳудий ва насроний руҳонийлари омон қолган юнонча китобларни сақлаш, таржима қилиш, шархлар битиш билангина шуғулланган, диний эҳтиёжлар туфайли айрим астрономик кузатувларгина олиб борилган.

9-асрда Араб халифалиги кучайиб, унинг пойтахти Бағдод улкан иқтисодий-ижтимоий марказга айланди ва бу ерга илм аҳли оқиб кела бошлади. Ал Ҳажжож ибн Матар ал Куфий, Абу Закарийя Яҳё ибн ал Битрик, Ҳуаайн ибн Ишоқ, Қуста ибн Луқо ал Баалбакий ва бошқа юнон олимларининг асарларини, Муҳаммад ал Фазарий, Яъқуб ибн Тариқ ва бошқа олимлар ҳинд тилидаги китобларни араб тилига таржима қила бошладилар, араб тилида дастлабки шархлар битилди. Лекин фан янги марраларни эгаллаши учун уни янги ривожланиш босқичига кўтариш лозим эди. Фан тарихчиси Адам Мец ибораси билан „Мусулмон ренессанси“ деб аталган фан тарихидаги бу ҳодиса биринчи навбатда Хоразмий номи ва илмий жасорати билан боғлиқ.

Хоразмий Бағдодда юнон фанининг ютуқларини ўрганади, ҳинд ва эрон манбалари, ҳатто бевосита Бобилдан келган айрим фактлар ҳамда хитой манбалари билан ҳам танишади, уларни ўзининг муҳим кашфиётлари билан бойитади ва фан тарихида абадий из қолдирган фундаментал асарлар яратади. Шунинг учун Хоразмий ўзигача мавжуд бўлган сивилизация меросини синтез қилиб, бойитиб жаҳонга ёйган фан даҳоси ҳисобланади.

Ал-Хоразмий ва алгебра[edit | edit source]

Ал-Хоразмийнинг "Алгебра" китобининг бир саҳифаси

Хоразмий алгебра фанига асос солгани, бу фан атамаси унинг „Китоб мухтасар мин ҳисоб алжабр валмуқобала“ („Алжабр валмуқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб“) асари номидан келиб чиққани яхши маълум. Лекин баъзан Хоразмий фақат ўзидан аввал маълум бўлган чизиқли ва квадрат тенгламалар ечиш усулини тизимга солган, деган нуқтаи назар учрайди. Бу фикр Хоразмий асари шу мавзудан бошланганлиги туфайли пайдо бўлган. Ҳолбуки, Хоразмийнинг китоби, биринчи навбатда, алгебраик ҳисобга бағишланган. Бу шундан ҳам кўринадики, китоб номи икки муҳим алгебраик амал – алжабр ва алмуқобала билан аталган. Хоразмий алгебраик амалларни, аввал тенгламаларни ечишда қандай қўлланишини баён этиб, сўнг алгебраик шакл алмаштиришларига ўтган. Акс ҳолда китобнинг мақсадини тушуниш қийин бўлар эди. Хоразмий асари 12-асрнинг бошларида кремоналик Герардо, честерлик Роберт томонидан лотинчага таржима қилинган, номи қисқариб „алжебра“ (франсуз, инглиз тилларида), „алгебра“ (немис, рус тилларида) деб атала бошлаган ва фан номига айланиб кетган.

„Алжабр вал муқобала“ китоби[edit | edit source]

Унинг муқаддимасида китоб нима мақсадда ёзилгани баён қилинади: "Мен арифметиканинг оддий ва мураккаб масалаларини ўз ичига олувчи „Алжабр вал муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб“ни таълик қилдим, чунки мерос тақсимлашда, васиятнома тузишда, мол тақсимлашда, адлия ишларида, савдода ва ҳар қандай битимларда, шунингдек, ер ўлчашда, каналлар ўтказишда, геометрияда ва бошқа шунга ўхшаш турли ишларда кишилар учун бу зарурдир".

Китоб уч қисм (китоб)дан иборат. Унинг 15 бобли биринчи қисми „Китоб алмухтасар филжабр валмуқобала“ деб номланган ва соф математик фактлар баёнига бағишланган. Хусусан, унда Қадимий Бобилдан маълум бўлган биринчи ва иккинчи даражали тенгламаларни ечиш усуллари баён қилинган. Хоразмий манфий сонлардан фойдаланмагани учун тенгламаларни қуйидаги кўринишда қарайди: ах2=бх, ах1=c, бх=c, ах2+бх=c, ах2+c=бх, ах2=бх+c. (Улар ҳозирги фан тилида биринчи ва иккинчи даражали тенгламаларнинг мусбат сонлар яриммайдони устидаги каноник кўринишларидир).

Хоразмий ҳар бир ҳолда тенгламани ечиш қоидалари ҳамда уларнинг қатъий исботларини келтиради. Исбот гарчи ташқи кўринишда геометрик тилда баён қилинсада, моҳиятан ҳозирги алгебраик исбот билан мос тушади.

Китобнинг кейинги бобида алгебраик ҳисоб, хусусан, алжабр вал муқобала амаллари баён қилинади. Бу бобда „иррационаллик“ тушунчаси киритилади, „ишоралар қоидаси“ келтирилади. Китобнинг навбатдаги икки боби алгебрадан масалалар тўплами бўлиб, алжабр ва муқобала амаллари билан ечиладиган мураккаброқ мисолларга, „Ўлчашлар ҳақида боб“и геометрияга бағишланган. Унда шаклларнинг юз ва ҳажмларини ўлчаш қоидалари, Пифагор теоремаси ва бошқа фактлар баён қилинган. Бу боб ҳажм жиҳатдан кичик бўлса ҳам, ўша давр амалиёти учун зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олган. Лекин муаллиф муқаддимада қайд этганидек, бу бобдан кўзланган асосий мақсад геометрияни баён қилиш эмас, балки алгебра геометрияда ҳам қўлланишини намойиш қилиш бўлган. Маcалан: уч томони берилган учбурчакнинг баландлиги алгебра воситасида топилиши кўрсатилган.

Китобнинг қолган икки қисми „Васиятлар китоби“ ва „Такдир айланишлари ҳисоби ҳақида“ деб номланиб, мусулмон фикри бўйича, мерос тақсимлашга оид масалалар алгебра усуллари билан қандай ҳал этилиши кўрсатилган.

Шундай қилиб, „Алжабр валмуқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб“ алгебра асослари ҳамда алгебрани амалда татбиқ этишга бағишланган мукаммал дарслик бўлган "Алжабр вал муқобала".

„Дихит алгоризми“ билан бошланган лотинча таржимадан бир саҳифа

„Арифметика“ асари[edit | edit source]

Сивилизация тараққиётида сонлар ва арифметик амаллар қандай ўрин тутиши равшан, бусиз жамият тараққиётини тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Бугун умумбашарий маданиятнинг энг оддий унсурига айланиб кетган сонларни ўнли саноқ системасида ёзиш ва улар устида арифметик амалларни бажариш қоидалари Хоразмийнинг „Арифметика“ асари туфайли жорий бўлган.

Гап шундаки, ҳинд олимлари томонидан кашф этилган сонларни ўнта рақам ёрдамида ёзиш усули Хоразмийгача ҳам Яқин Шарқ олимларига маълум эди. Лекин шунга қарамай ҳинд ҳисоби кенг ёйилмаган. Хоразмийнинг буюк хизмати шундаки, у ўнли саноқ системасининг аҳамиятини биринчи бўлиб пайқаб, содда ва лўнда услубда баён қилиб берган. Шу туфайли Хоразмийнинг китоби ҳам, ўнли саноқ системаси ҳам тез орада Шарқий Туркистондан Испаниягача бўлган ҳудуддаги мусулмон дунёсига, 12-асрдан бошлаб Европага тарқалган. Шунинг учун Хоразмийни бутун инсониятни арифметика х* ўргатган устоз ҳисоблаш мумкин.

Ўрта асрларда математика, астрономия ва бошқа фанлар соҳасида ёзилган юзлаб олимларнинг китоблари орасида айнан Хоразмий асарлари Шарқса ҳам, Ғарбда ҳам энг кўп тарқалгани ва умуминсоний тараққиётга энг кўп ҳисса қўшгани билан ажралиб туради. Бунга Хоразмий кенг қўллаган оригиналбаён услуби сабаб бўлган. Бу услуб тагида алгоритм ғояси ётади. Хоразмийнинг бу ғояси замонлар ўтиши билан кўпроқ аҳамият касб этиб бормоқда ва бугунга келиб жамият тараққиётининг энг муҳим омилларидан бирига айланди – рақамли ахборотни қайта ишлаш шунга асосланади.

Алгоритм намуналари (масалан Эвклид алгоритми) юнон математикасида учрайди. Хоразмий алгоритмик мушоҳаданинг қийин ва мураккаб мавзуларни баён қилишдаги аҳамиятни тўғри баҳолаб, уни ўз асарларида мунтазам равишда қўллаган, мушоҳада ва баён услубига айлантирган. Ўрта асрларга келиб, Европада аввал тўрт амални бажариш қоидалари, сўнг умуман арифметика, 18-асрдан ҳар қандай қатъий тартибдаги математик қоидалар, 19-асрдан ҳисоблаш машиналари учун дастурлар „алгоритм“ деб атала бошлаган. 20-аср ўрталарида алгоритм тушунчаси компутерлар фанининг ўзак консепсиясига айланган бўлса, аср охирида у математика ва информатика доирасидан чиқиб, барча табиий фанлар ва техникада тафаккурнинг зарурий унсури – алгоритмик мушоҳада қобилияти даражасига етди. Хоразмийнинг нисбаси алгоритм атамасига айлангани тарихий адолатдир.

Хоразмий „Арифметика“си сонлар табиати ҳақидаги умумий мушоҳадалардан бошланади. Сўнг исталган бутун мусбат сонни ўнта рақам орқали ёзиш усули, яъни ўнлик саноқ системаси ва унинг афзалликлари баён қилинади. Сўнг бу саноқ системасида ёзилган сонларни қўшиш, айириш, купайтириш ва бўлиш қоидалари баён қилиниб, мисоллар билан тушунтирилади. Шундан кейин Хоразмий каср сонлар ҳақида тушунча беради ва улар устида арифметик амалларни олтмишли саноқ системасига асосланиб бажариш қоидаларини айтади.

Китоб бош қисмининг (уч яримни саккиз бутун ўн бирдан учга купайтириш мисолигача) лотинча таржимаси сақланган, холос. Тарихчилар асарнинг қолган қисмлари ҳақида бир фикрга келолмаган. Таржималардан бир нусхаси „Магистр А. томонидан тузилган Ал-Хоразмийнинг астрономия санъатига кириш китоби“ деган сўзлар билан бошланиб, у 1143-йилда кўчирилган (Венада сақланади). Иккинчи рисоланинг нусхаларидан бири ҳам шу даврга мансуб бўлиб, испаниялик Юханнога тегишли (Парижда сақланади).

Бу манбаларга кўра, Хоразмий „Арифметика“сининг давомида сонларни иккилантириш, иккилаш (яъни иккига бўлиш) ва квадрат илдиз чиқариш амаллари баён қилинган.

Мутахассислар Миланда сақланаётган „Ал-Хоразмийнинг бутун квадривиумига муқаддима китоби“ қўлёзмасига асосланиб, Хоразмий „Арифметика“си аслида квадривиум, яъни арифметика, геометрия, астрономия ва мусиқа қисмларидан иборат бўлган деб тахмин қилишади. Булардан ташқари, қадимий қўлёзмаларда Хоразмийнинг „Китоб алжамъвалтафриқ“ („Қушиш ва айириш китоби“) асарига тегишли деб кўрсатилган парчалар учрайди. Бу фактга кўра, Хоразмий арифметикага оид яна бошқа асарлар ҳам ёзган.

„Зиж“ асари[edit | edit source]

Тепалик Кристи мактаби 283-саҳифа. Ал-Хоразмийнинг "Зīж"нинг лотинча таржимаси.

Хоразмийнинг фан тараққиётида чуқур из қолдирган яна бир асари „Зиж“дир. У назарий астрономия ва астрономик жадваллардан иборат бўлиб, арабча қўлёзмалари сақланмаган, Маслама алМажритий (10-аср) томонидан қайта ишланган вариантнинг лотинчага ва яҳудийчага таржималари етиб келган.

Хоразмий „Зиж“и ўрта асрлар фанидаги астрономияга оид дастлабки асар бўлиб, 37 бобдан иборат ва 116 та жадвални ўз ичига олади. Унда турли тақвимлар, хронология, Қуёш, Ой, сайёраларнинг ҳаракати, буржлар ва бошқалар ҳақида маълумотлар келтирилган. Хусусан, Қуёш ва Ой ҳаракати тенгламалари ва тутилиш муддатларини аниқлаш қоидалари, синуслар жадваллари, географик нуқталарни топиш қоидалари берилади. „Зиж“да биринчи марта тангенс функсияси киритилган.

Хоразмий „Зиж“и ҳам астрономия ва тригонометриянинг кейинги тараққиётида намуна вазифасини ўтаган.

Асртономия бўйича асарлари[edit | edit source]

„Китоб амал биластурлобот“[edit | edit source]

Хоразмийнинг „Китоб амал биластурлобот“ („Астролябиялар билан амаллар ҳақида китоб“) асарида қадимий ва ўрта аср астрономиясининг асосий кузатув асбоби бўлган астролябия (арабча астурлоб) ясаш ва ундан фойдаланиш, осмон ёритқичларининг баландлиги, буржларга кириш вақти, бир кунлик ҳаракати ва эклиптик координаталари, географик объектларнинг координаталари, янги Ой чиқиш муддатларини аниқлаш ва бошқа аниқ ва лўнда қоидалар тарзида (алгоритмик услубда) баён қилинган. Бундан ташқари, китобда аср намози вақтини аниқлаш, синусквадрат деб аталувчи асбоблар тўғрисида ҳам сўз боради. Бу эса Хоразмий илмий асбобсозлик билан ҳам шуғулланганлигидан далолат беради.

„Зароиф мин амал Муҳаммад ибн Мусо алХоразмий маъриф ассамтбиластурлоб“[edit | edit source]

„Зароиф мин амал Муҳаммад ибн Мусо алХоразмий маъриф ассамтбиластурлоб“ („Муҳаммад ибн Мусо Ал-Хоразмийнинг астролябия ёрдамида азимутни аниқлаш бўйича амалларидан келиб чиқадиган зариф фикрлар“) номли кичик асарида (қўлёзмаси Истанбулдаги Аё София кугубхонасида сақланади) астрономиянинг икки масаласи – Қуёш азимутини ва меридиан чизиғини аниқлаш, Ернинг ўша даврда маълум қисми – Ойкуменанинг етти иқлимга бўлиниши, ҳар бир иқлим учун буржларнинг кўтарилиш вақтлари тўғрисида маълумотлар келтирган.

„Қуёш соати текислигда соат ясаш“[edit | edit source]

„Қуёш соати текислигда соат ясаш“ (Аё София кугубхонасида сақланади) китобида горизонтал текисликда қуёш соати ясаш, яъни сояси мил вазифасини ўтовчи пластинка – гномон ўрнатиш ва соат шкаласини чизиш қоидаси, гномон соясининг шкаладаги ҳолатига қараб вақтни аниқлаш усули баён қилинади. Гномон соясининг учи сирпанадиган чизиқ – гиперболани ясашда қутб координаталари системаси қўлланган ва бу аналитик геометрияга оид дастлабки фактлардан ҳисобланади.

Этнография ва тақвимларга оид асарлари[edit | edit source]

„Яхудийлар тақвими ва байрамларини аниқлаш ҳақида рисола“[edit | edit source]

Хоразмийнинг „Яхудийлар тақвими ва байрамларини аниқлаш ҳақида рисола“ (Ҳиндистоннинг Патна шаҳрида сақланади) асари олимнинг этнография билан шуғулланганидан далолат беради. Бу асарда яҳудий тақвими, уни бошқа тақвимларга ўтказиш қоидалари, яхудийлар байрамлари ва уларни тақвимда белгилаш қоидаларини, айрим муҳим астрономик маълумотларни беради. Қуёш йилининг узунлиги 365 куну соат, яъни 365,242265 кунга тенг эканлиги айтилади. Бу ўз даври учун жуда аниқ маълумот бўлган. Тарихчилар бу асар аслида Хоразмийнинг этнография ва тақвимларга оид йирик асаридан кўчириб олинган парча бўлиши керак, деб тахмин қилишади.

„Сурат ал-Арз“ асари[edit | edit source]

Птолемейнинг жаҳон харитаси 15-аср версияси Птолемейнинг Географиясига таққослаш учун.

Хоразмий юнон олими Птолемейдан кейин яшаган буюк географлардан биринчиси саналади. Унинг „Сурат алАрз“ асари (бошқа номи „Ал-Хоразм географияси“, тўлиқ номи Птолемей таклиф этган „География“ китобидан Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Мусо Ал-Хоразмий таскин этган Ер сурати – шаҳарлар, тоғлар, денгизлар, ороллар ва дарёлар китоби") фан тарихидаги муҳим манбалардан биридир. Китоб Птолемейнинг „География“си асосида ёзилган бўлсада, шунчаки шарҳ эмас, балки мустақил асар ҳисобланади. Унда биринчи марта Ер сиртини етти иқлимга бўлиш илмий ёндашув билан, иқлимларнинг географик катталиклари асосида берилган ҳамда 2402 географик объект ҳақида маълумотлар, хусусан, уларнинг кенглиги ва узунлиги келтирилган (бу маълумотларнинг кўпчилиги Птолемей „География“ сида берилмаган). Хусусан, Хоразмий география тарихида биринчи марта Тинч океанини тилга олади. У ўзи яшаган жойлардан жуда узоқдаги бошқа объектлар: Атлантика ва Ҳинд океанларидаги ороллар, жумладан, Буюк Британия, Ирландия, Сарандиб (Шри Ланка) жойлашувини тўғри тасвирлайди. Китобда тасвирланган хариталар харитаграфия тарихида муҳим ўрин тутади. Бу китоб 12-асрдаёқ, лотин тилига таржима қилинган ва география фани ривожланишига катта ҳисса қўшган.

Илмий асарлари[edit | edit source]

Хоразмийнинг „Китоб аттарих“ (Хоразмий „Тарих“и) асарида Муҳаммад (ас) ҳаёти билан боғлиқ саналар, ислом тарихидаги муҳорабалар, Қуёш тутилишлари, 713-йил 10-мартда Антиохия шаҳрида юз берган даҳшатли зилзила, халифаликдаги сиёсий ҳодисалар қайд этилган. Афсуски, бу асар бизгача етиб келмаган. Лекин ундан олинган кўчирмалар жуда кўп тарихнавис олимлар (Беруний, Ёқут Румий, Яъқубий, Элиас Бар Шинойи, Ҳамза Исфаҳоний, Ат-Табарий, Ал-Масъудий ва бошқалар) китобларида учрайди. Бундан кўринадики, Хоразмийнинг „Тарих“и уз даврида машхур бўлган ва кенг тарқалган. Асар уша даврнинг бошқа тарихчилар ёзган китобларидан воқеаларни аниқ қайд этилиши билан ажралиб туради.

Аҳмад ал-Фарғоний астролябияга оид асарида Хоразмийга тегишли сфера геометрияси ҳақидаги асарни эслатади, аммо у ҳозиргача топилмаган. Хоразмий фаннинг бешдан ортиқ соҳасини фундаментал янгиликлари билан бойитгани сабабли фан тарихидаги илк қомусий олим деб саналишга ҳақли. Хоразмий бошлаган бу анъана кейинчалик Ибн Сино, Беруний, Леонардо да Винчи, Лейбниц, Ломоносов, Франклин каби олимлар томонидан давом эттирилган.

Ал-Хоразмий меросига қизиқиш[edit | edit source]

Хоразмийнинг илмий меросига қизиқиш унинг ҳаётлик давридаёқ бошланган. Замондошларидан Аҳмад ал-Фарғоний, Хутталий ва бошқа унинг асарларига шарҳлар ёзишган. Хоразмий узининг „Зиж“ини ёзишда хинд „Синдҳанта“ларига ва Птолемейнинг „Алмагест“ асарига таянган булса, „Алгебра“, „Арифметика“ва бошқа асарлари батамом оригинал асарлар саналади. Хоразмий асарларининг мундарижаси, тузилиши ва баён услуби кейинги олимлар учун намунага айланади. Шу билан бирга унинг ижоди фаннинг кейинги тараққиёти учун мухим поғона вазифасини утади. Масалан Беруний Хоразмийнинг „Зиж“ ига атаб учта рисола битган.

Хоразмий асарлари 12-аср бошидаёқ Европа шаҳарларига кириб боргани маълум. Китобларга эҳтиёж кучайганидан сўнг улар лотинчага таржима қилинган. Хоразмийнинг „Алгебра“, „Арифметика“, „География“си ва „Зиж“и 16-асргача дарслик вазифасини ўтаган. Хоразмий асарлари ўша даврларда Ҳиндистонга ҳам олиб кетилгани ҳақида далиллар мавжуд.

19-аср бошларида Хоразмий меросига тарихий нуқтаи назардан қизиқиш бошланган. Хоразмий „Алгебра“сини 1817-йилда К. Коулбрук қисман, 1831-йилда Ф. Розен тўлиқ ҳажмда Лондонда, 1838-йилда Г. Либри Парижда чоп эттиради. Ҳозир бу асарнинг инглизча (Л.С. Карпинский, 1915-йил, АҚСҲ), арабча (А.М. Мушаррафа, 1939-йил), русча (Ю.Хоразмий Копелевич, Б.А. Розенфелд, 1964-йил) ва бошқа нашрлари мавжуд.

Хоразмийнинг „Арифметика“сини биринчи марта Б. Бонкомпани Римда (1857), Карролйне Фогел Германияда (1963), Адолпҳ-Андреи Павлович Юшкевич Москвада (1954) чоп эттиришган.

Хоразмий „Зиж“ини ўрганишга ҳам катта эътибор берилган. Уни 1914-йилда Н. Зутер, сўнг О. Нейгебауэр (1962), В.Миллас, Голцтейн (1963) ва бошқалар нашр қилишган. 1919-йилда Ф. Ж. Видеман „Астролябия билан амаллар ҳақида китоб“ини нашр этган.

Хоразмийнинг „География“си биринчи марта Хоразмий фон Мжик (1926) томонидан чоп этилган. Олимнинг бошқа қўлёзмаларини излаб топиш, ўрганиш, чоп этиш ва таржима қилиш – математика тарихи соҳасининг долзарб муаммоларидан бўлиб қолмоқда.

1983-йилда Хоразмий таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан унинг барча асарлари рус тилида (А.Ахмедов, Адолпҳ-Андреи Павлович Юшкевич, Б.А. Розенфелд ва бошқалар таржималарида) ҳамда танланган асарлари ўзбек тилида (А. Ахмедов таржимасида) нашр этилди.

Хоразмий илмий меросини ўрганиш ва унинг фан тараққиётига қўшган ҳиссасини тарғиб қилишда номлари юқорида зикр этилган олимлардан ташқари Ж. Сартон, Э.С. Кеннеди, Д. Кинг (АҚСҲ), С.А. Наллино (Италия), Хоразмий Земанек (Австрия), А. Аллар (Белгия), Р. Рашед (Франсия), С. Брокелман, Д. Самплоиниус (Германия), М. М. Рожанская (Россия) ва бошқалар ҳам муҳим ҳисса қўшган.

Ўзбекистонда Хоразмий ҳаёти ва фаолияти билан биринчи бўлиб Т.Н. Ниёзий қизиққан. 1960-йиллардан С.Ҳ. Сирожиддинов ва Г.П. Матвиевская раҳбарлигида Яқин ва Ўрта Шарқ фани тарихи, жумладан, Хоразмий меросини ўрганиш ва дунё миқёсида тарғиб қилиш бўйича кенг кўламда илмий тадқиқотлар бошлаб юборилди. 1983-йилда буюк олим таваллудининг 1200 йиллигига бағишлаб ўтказилган Халқаро илмий анжуман (Москва, Тошкент ва Урганч шаҳрида) Хоразмийнинг жаҳон сивилизациясида тутган ўрнини белгилашда муҳим тадбир бўлди.

Ҳозирги кунда Урганч давлат университети, Ўзбекистоннинг турли жойларида кўплаб мактаб ва бошқа объектлар „Хоразмий“ номи билан аталган.

Ас. Танланган асарлар, Т., 1983; Математические трактати, Т, 1964; Астрономические трактати, Т., 1983.

Адабиёт[edit | edit source]

  • Сиражиддинов С. Х., Матвиевская Г. П., АлХорезми – видаюшийся математик и астроном средневековя, М., 1983;Сале М. А., МухаммедалХорезми – великий узбекский учёний, Т., 1954; Сале М. А., УлуғўзбеколимиМуҳаммадалХоразмий, Т., 1955; Абдураҳмонов А., АлХоразмий – буюк математик, Т., 1983; Мухам мад ибн Муса алХорезми. К 1200 летаю со дня рождения, М., 1983; Великий учений средневековя алХорезми, Т., 1985; Булгаков П.С, Розенфелд Б. А., Ахмедов А. А., Мухаммад алХорезми, М., 1983. Абдулла Аъзамов.

Шунингдек қаранг[edit | edit source]

Манбалар[edit | edit source]