Волейбол

Материал из УзЭнц

Волейбол (ингл. volleyball volley — „уриб қайтармоқ“ va ball — „тўп“) тўпли спорт ўйини бўлиб, ҳар бири 6 кишидан иборат икки жамоа билан ўртасидан тўр тортилган майдончада ўйналади. Ўртасидан тўр билан (эркаклар мусобақаси учун 2,43 м ва аёллар мусобақаси учун 2.24 м баландликда) бўлинган 9х18 м ли майдончада ўйналади. Волейбол тўрининг катакчалари сони 1 000 та (ёнида 100 та ва бўйида 10 та) бўлиб, битта катагининг тўрт томони 10 см дан бўлади. Бир жамоа 6 кишидан иборат бўлиб, 2 жамоа ўйнайди. Ўйинчилар тўпни қўл билан уриб, рақиб майдонига туширишга ҳаракат қиладилар. Коптокни уч уришда рақиблар томонига ўтказиш лозим. Мусобақа 3 ёки 5 партия ўйналади. Волейбол АҚШда пайдо бўлган (1895). Халқаро федерация (ФИВБ; 1947-йил асос солинган) га 180 дан ортиқ мамлакат аъзо. 1964-йилдан Олимпия ўйинлари дастурларига киритилган, 1949-йилдан жаҳон биринчиликлари ўтказилади.

Волейбол Ўзбекистон ССРда 1920-йилдан ўйналади. Ўзбекистон Республикаси 1991-йил Халқаро волейбол федерациясига, 1992-йил Осиё волейбол конфедерациясига аъзо бўлиб кирди. Ўзбекистонда бу спорт тури билан 700 мингдан ортиқ киши мунтазам шуғулланади. У мактабларда оммавий тус олган, жисмоний тарбия бўйича дастурнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Тарихи[править | править код]

Волейбол 1894-йилда Америка қўшма штатларининг Массачусетс штатидаги Холиок шаҳрида ёш христианлар иттифоқини жисмоний тарбия бўйича раҳбари пастор Вильям Морган томонидан яратилган. У волейбол ўйинини оддий, кўп маблағ сарфламасдан ташкил этишни кўзда тутиб янги ўйиннинг қоидаларини ишлаб чиқди. Ўйин номини аввалига минтонетт деб номлади.

1896-йилда Спрингфилд шаҳридаги коллеж директори доктор Альфред Халстед бу ўйинга "волейбол" деб ном берди. "Волейбол" инглизча сўз бўлиб, ўзбек тилида "парвоз қилувчи тўп" деган маънони билдиради. 1897-йилда тадбиқ этилган баъзи бир ўйин қоидалари қуйидагича эди:

  1. Майдонча чегаралари 7,6 х 15,1 м
  2. Тўрнинг ўлчамлари 0,65 х 8,2 м, баландлиги 198 см
  3. Тўпнинг вазни 340 г, айланаси 63,5 — 68,5 см
  4. Ўйинчиларнинг сони чегараланмайди ва ҳоказо.

1895-1920-йиллар волейбол ўйини ривожланишининг биринчи босқичи бўлиб ҳисобланади. Ўйиннинг бошқа давлатларда вужудга келиши ва ривожланиши қуйидагича: 1900-йил — Канада, 1908-йил — Куба, 1909-йил — Пуэрто-рико, 1910-йил — Перу, 1917-йил — Бразилия, Уругвай, Мексика, Осиёда 1900-1913-йиллар — Япония, Китай, Филиппинда, 1914-йил — Англия, 1917-йил — Франция.

Волейбол ўйинининг Совет иттифоқида вужудга келиши ва ривожланиш тарихи

Волейбол Совет иттифоқида 1920-1921-йилларда ўрта Волга (Казань, Нижний Новгород) ноҳияларида тарқала бошлади. 1922-йилдан бошлаб волейбол Всеобуч (Умумий ҳарбий тайёргарлик) таркибига киритилди. Москвада волейбол билан мунтазам шуғулланишга санъат ва театр вакиллари киришдилар. 1923-йилда ташкил етилган "Динамо" жамияти спортнинг бошқа турлари билан бир қаторда волейболни ҳам тарғиб қила бошлади. Худди шу йилларда волейбол Узоқ Шарқда — Хабаровск ва Владивостокда пайдо бўлди. 1925-йилдан эса Украина ССРда ҳам ривожлана бошлади. СССРда жисмоний тарбия ва спортнинг кейинги тараққиёти учун РКП/б/ МК 1925-йил 13-июл қарори катта аҳамиятга эга бўлди. Унда оммани тарбиялашнинг самарали усулларидан бири бўлган жисмоний тарбия ва спортни кенг ривожлантириш зарурлиги уқтириб ўтилди. Марказий қўмита қарори волейболнинг тобора тараққий этиб боришига кучли таъсир кўрсатади. Совет волейболчилари ўз олдиларига мамлакатда волейболни оммалаштириш, тарбиявий ишларни кучайтириш, техника ва тактикани мукаммаллаштириш, ўйинчиларни ҳар томонлама жисмоний тайёргарлигини юксалтириш каби қатор вазифаларни қўйдилар. Волейбол ҳамма ерда тарқала бошлади. Шу билан боғлиқ равишда мусобақаларнинг ягона қоидаларини ишлаб чиқиш зарурати туғилди. 1925-йилнинг январида Москва жисмоний тарбия кенгаши волейбол бўйича мусобақаларнинг биринчи расмий қоидалрини тузиб тасдиқлади. Тўрнинг баландлиги — аёллар учун 2 м 20 см ва эркаклар учун — 2 м 40 см қилиб белгиланди. Аёллар жамоаларида ўйин 15 х 7,5 ўлчамли майдончада ўтказиладиган бўлди. 1926-йилда Москвада янги қоидалар асосида биринчи мусобақалар ўтказилди. 1927-йилдан волейбол бўйича Москва биринчилиги мунтазам равишда ўтказила бошлади. "Совет Иттифоқида" биринчи босмадан чиқарилган волейбол бўйича махсус адабиёт 1926-йилда 9 пайдо бўлди ва у "Волейбол ва муштлар жанги" деб ном олган эди. Унинг муаллифлари С.В. Сысоев ва А.A. Марку эди.

1926-йилда яна бир қатор муҳим воқеалар бўлиб ўтди, яъни волейбол Бутуниттифоқ жисмоний тарбия кенгашининг ўйинлар шўъбаси волейбол бўйича мусобақаларнинг ягона қоидаларини тасдиқлади. Харковьда москвалик ва харковьлик волейболчиларнинг шаҳарлараро учрашуви ўтказилди. Шу йилларда волейбол фақатгина Москвада эмас, балки Украина ССРда, шимолий Кавказда, Закавказье, Узоқ Шарқ ва Ўрта Волга ўлкаларида ҳам кенг тарқалди. "СССР" волейболига тааллуқли муҳим воқеалардан бири 1928-йилнинг августида биринчи Бутуниттифоқ спартакиадаси вақтида ўтказилган Иттифоқ биринчилиги бўлди. Унга Москва, УССР, Шимолий Кавказ, Закавказье Федерацияси ва Узоқ Шарқ ўлкасининг эркаклар ва аёллари қатнашадилар. Мусобақалар чиқиб кетиш (на вылет) тартибида ўтказилди. Москва аёллар жамоаси ва Украина ССРнинг эркаклар жамоаси ғолиб чиқдилар. Биринчи Бутуниттифоқ спартакидасида волейболчиларнинг учрашувлари мусобақа қоидаларининг алоҳида бандларини ягона тартибда изоҳлаш учун имкон берди. Шуни айтиб ўтиш керакки, бу ерда аёллар жамоалари биринчи бор нормал ўлчовли майдончаларда (18/9 м) ўйнайдилар.

Совет Иттифоқининг турли минтақаларида волейбол тараққиётида хилма-ҳил йўналишлар юзага кела бошлади. Украиналиклар жамоали ўйин тактикасини ва фидокорона ҳимояни намойиш этдилар, москваликлар кучли ҳужумчи эканликлари билан кўзга ташландилар, Узоқ Шарқликлар эса паст узатилган тўп билан ҳужум қилишдек ажойиб янгилик олиб келдилар. Шуни таъкидлаш керакки, терма жамоаларнинг Бутуниттифоқ спартакиадасига тайёрланиши волейболнинг жойларда оммавий равишда ривожланишига туртки бўлди. Бутуниттифоқ спартакиадаси арафасида ўтказилган Украина ССР биринчилигида республиканинг область ва шаҳарларидан 21 жамоа иштирок этди. Закавказьенинг энг кучли жамоасини аниқлаш учун Баку, Тифлис ва Ереван шаҳарларининг жамоалараро учрашувлари ўтказилди. Худди ўша 1928-йилда Москвада доимий ҳакамлар уюшмаси ташкил этилди. Волейбол тараққиётида мактаб ўқувчиларининг спартакиадаси ҳам (1929) катта аҳамиятга эга эди. Бу спартакида қатнашчиларидан кўпчилиги кейинчалик волейбол усталари бўлиб етишдилар.

Шаҳарлараро мусобақалар сони анчагина ортди, бу эса турли техник усулларнинг пайдо бўлишига, волейбол тактикасининг ривожланишига, ўйинчилар жисмоний тайёргарлигининг ўсишига олиб келди. Шу даврда ўйинчилар майдонга тўпни куч билан киритиш, алдов зарбалари усулларини кенг қўллай бошладилар, узатиш техникасига эътибор бердилар, ҳимоянинг аҳамияти ортиб ўйин тезкор, шиддатли бўла бошлади, натижада ўйинчиларнинг ҳаракатчанлигига талаб ошди.

1931-йилда ВЛКСМ (Ленин комсомоли) ташаббуси билан мамлакатимизда жисмоний тарбиянинг асоси бўлган «Меҳнат ва мудофаага тайёр» (Готов к труду и обороне) Бутуниттифоқ комплекси таъсис этилди. Бу тадбир волейболчиларнинг умумий ва махсус жисмоний тайёргарлигини юксалтиришгагина эмас, балки ёшларни волейбол машғулотларига жалб этишга ҳам имконият яратди. Волейболнинг оммавий ривожланиши ва кенг тарғиб қилинишида кўпгина маданият ва истироҳат боғларининг майдончаларида ўтказилган мусобақалар катта аҳамиятга эга эди. Москвадаги марказий маданият ва истироҳат боғининг 20 та майдончаси атрофида томошабинлар йиғиладилар. Ўтказилаётган ўйинлар фақат москваликлар учун эмас, балки чет эллик туристлар учун ҳам яхшигина мактаб эди. Шунинг учун 30-йилларда Германияда "Волейбол — рус халқ ўйини" деб номланган волейбол бўйича мусобақа қоидалари китобча ҳолида чоп этилди.

Турли шаҳарларнинг энг кучли жамоалари орасида биринчиликлар ўтказиб турилди. 1931-йилда Харковьда Москва, Днепропетровск ва майдон эгаларининг эркак ва аёллар жамоалари учрашдилар. Москвалик аёллар ғолиб чиқдилар, ҳар уччала эркаклар командаси биттадан мағлубият ва ғалабага эга бўлдилар. Бу учрашувлар "тез суръатли" ўйиннинг аҳамияти анча ортганлигини таъкидлади.

1932-йилдан волейбол барча катта спартакиадаларнинг дастурига тенг ҳуқуқли спорт тури сифатида киритилди. Шу сабабдан волейбол бўйича бутуниттифоқ мусобақаларининг ҳар йили мунтазам ўтказиб турилиши ҳақидаги масала кўтарилди.

1932-йилнинг баҳорида Бутуниттифоқ жисмоний тарбия совети қошида волейбол секцияси ташкил топди ва унинг таркибига А. Поташник (раис), В. Осколков, М. Вилграт, Ю. Багон, В. Крюк ва бошқалар киритилдилар.

1932-йилдан аввал "Волейболчиларнинг Бутуниттифоқ байрами" деб аталган "Совет Иттифоқи" биринчиликлари мунтазам ўтказила бошлади. Волейбол бўйича СССР биринчилиги илк бора Днепропетровск шаҳрида 1983-йилнинг 4-6-апрелида бўлиб ўтди. Мусобақаларда аёллар жамоаси (Москва, Днепропетровск, Харковь, Баку, Минск) ва 5 та эркаклар жамоаси (Москва, Днепропетровск, Харковь, Тифлис, Минск) иштирок этди. Айланма тартибда ўтказилган ўйинлар кўп сонли томошабинларни ўзига жалб қилди. Қизиқарлиси биринчилик тугагач, москвалик аралаш жамоаларнинг кўргазмали ўйинлари ўтказилди.

Йирик мусобақалар[править | править код]

Ўйин қоидаси[править | править код]

Ўйин уч ёки беш партиядан иборат бўлиб, ҳар бир партия 15 очкогача давом этади. Агар очколар 15:15 бўлса, ўйин 17 очкогача давом этади. Сўнгги партия (3-ва 5-)да ўйин ҳисоби "тайм-брек" асосида олиб борилади. Яъни ўйиндаги ҳар бир ҳаракат натижасига қараб тўпни ўйинга киритиш ҳуқуқи қайси жамоада бўлишидан қатъий назар жамоага мағлубият ёки ғалаба келтириши мумкин. Ҳал қилувчи партияда ўйин 2 очко фарқ қилгунча давом этади. Ўйин жараёнида техник малакаларни бажаришдаги хатолар:

  • Тўпни ўйинга киритишда: агар ирғитилмасдан тўғридан тўғри "қўлдан" урилса;
  • Тўпни ўйинга киритишда белгиланган чегара чизиқларини босиш, тўп ирғитилсаю, лекин урилмасдан танага тегса ва ҳоказо;
  • Тўпни узатишда: тўп кафтга тегса — илиб отилса, икки қўл кема-кет тегса ёки ҳам танага, ҳам қўлга тегса ва ҳоказо;
  • Зарба беришда: тана ва тана қисмларини тўрга тегиб кетиши (9 метрли белгиланган чегара оралиғида), қўниш вақтида оёқ ўрта чизиқдан бутунлай ўтиб кетса, рақиб томонидаги тўпга тегилса ва ҳоказо.

Ҳимояда:

  • Тўпни қабул қилишда: агар тўпни узатишдаги хатолар бўлса;
  • Тўсиқ қўйишда: зарба беришдаги хатолар бўлса, очко олишдан ёки тўпни ўйинга киритиш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

Ҳаволалар[править | править код]

Манбалар[править | править код]