Оммавий маданият

Материал из УзЭнц

Оммавий маданият (рус. Ма́ссовая культу́ра) – оммавий жамиятда устунлик қиладиган маданият тури бўлиб, «кўнгилочиш индустрияси» томонидан яратилган маҳсулотларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиб, кенг аҳоли қатламларининг эҳтиёжларини қондиришга ва уларнинг запросларини шакллантиришга қаратилади.

Оммавий маданият модернизация жараёни натижасида юзага келган бўлиб, унда имтиёзли гуруҳларнинг элитар маданияти ва халқ маданияти ("юқори" лар ва "қуйи" класслар маданияти) параллел равишда мавжуд бўлиб келган. Бу жараён мобайнида доиндустриал типдаги анъанавий жамиятлардаги институционал ва руҳий асосларнинг босқичма-босқич парчаланиши кузатилади. Замонавий жамият субмаданиятлар, қадриятлар ва дунёқарашларнинг ҳилма-хиллиги билан ажралиб туради. Бу хилма-хилликни енгишда оммавий маданият катта рол ўйнайди: у қадриятлар орасида мувозанатни сақлаб турадиган интеграцион куч сифатида ҳаракат қилиб, жамиятни миллий давлатлар даражасида ҳам, глобал миқёсда ҳам бирлаштирувчи агент вазифасини бажаради. Глобал оммавий маданият элементлари турли ҳудудларда (минтақаларда) маҳаллий маданиятлар билан ўзаро боғланади ва баъзан уларнинг элементларини ҳам ўз ичига олади.

Оммавий маданият оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилади. Уни трансляциясининг асосий каналлари матбуот ва кўп нусхада чоп этиладиган бошқа турдаги босма маҳсулотлар, радио, кинематография, телевидение бўлди, сўнгги ўн йилликда эса шу қаторга компьютер тармоқлари ва энг янги алоқа воситалари қўшилди. Оммавий маданиятнинг пайдо бўлиши умумхалқ саводхонлигини ошгани билан боғлиқ бўлса-да, замонавий жамиятда "китобий" маданиятнинг, матн ва тушунчалар кўринишида тақдим этилган маълумотнинг ҳиссаси "мультимедия" маданияти, электрон ва виртуал, аудиовизуал воситалар ёрдамида такдим этилаётган образли маълумотлар эвазига аста-секин камайиб бормоқда (баъзи тадқиқотчиларнинг фикрига кўра бу жараён янги "постгутенберг" даврининг бошланганлиги далилидир).

Оммавий маданиятнинг мураккаблиги ва ҳилма-хиллиги уни баҳолашнинг ноаниқлигини белгилайди. Унинг қулайлиги ва демократияга хос эканлиги, шунингдек у қўллайдиган ифода воситаларининг оммабоплиги таъкидланади. У берадиган маълумотлар тушунарли бўлиб, келиб чиқиши, ҳуқуқий ҳолати, ёши ва маълумотидан қатъий назар оммага қаратилган. Бошқа жиҳатдан, ўртахол истеъмолчининг диди ва хоҳиш-истакларига мўлжалланган оммавий маданият маҳсулотлари ўзининг стандартлаштирилганлиги, юзакилиги ва юқори маданият намуналарига тақлид қилиш ва уларни сохталаштириш орқали оёқости қилишга мойиллиги билан ажралиб туради. Оммавий маданият ўзига хос маданий индустрия (масалан, Голливуд – «орзулар фабрикаси») сифатида бозорда ҳукмрон бўлган «талаб таклифни яратади» ва «талабни шакллантириш мумкин» деган қарашларга мувофиқ тартибда ташкил этилади. Социал миф (афсона)ларни яратиш ва тарқатишда улкан куч-қудратга эга бўлган оммавий маданиятдан бизнес ва сиёсат манфаатлари йўлида омманинг онгига турли мафкуралар (идеологиялар), қарашлар ва мақсадларни сингдириш ва мустаҳкамлаш учун фаол фойдаланилмоқда. Бу таъсир кўпинча омманинг онгида аллақачон мавжуд бўлган қадриятлар, бидъатлар (хурофотлар) ва стереотиплардан фойдаланишга асосланади.

20-асрнинг авторитар ва тоталитар сиёсий режимларига хос бўлган оммавий маданиятнинг ўзига хос тури, асосан, расман эълон қилинган сиёсий йўналишга мос келадиган ва уларни ҳал қилиш учун оммани сафарбар қилишни талаб қиладиган йирик давлат проектларини идеологик қўллаб қувватлашга қаратилган эди.

Истеъмол жамиятининг оммавий маданияти шахсий моддий фаровонлик, «бахтли» ҳаёт, муваффақият ва ҳоказо қадриятларга қаратилган. Оммавий маданиятнинг гедонистик интилишлар билан суғорилган ва асосан кўнгилочар характерга эга бўлган энг кенг тарқалган варианти янгиликка доимий чанқоқлик, бестселлерлар, сенсациялар яратиш, доимий равишда бир-бири билан алмашиб турадиган оммавий иштиёқбозликларлар, можароли мавзуларга, ўткир сюжетли жанрларга, турли хил томоша ва шоуларга қизиқиш каби хусусиятлар билан ажралиб туради. Бунинг оқибатида маданий ҳаётнинг рефлексив ва интеллектуал жиҳатлари сиқиб чиқарила бошланади.

Ижтимоий тенгсизлик институтлари томонидан мустаҳкамланган имтиёзли мавқеини йўқотган, элитар маданият замонавий жамиятларда оммавий маданиятга альтернатива вазифасини бажаради (унинг элитарлиги озчиликка – уни яхши тушунадиганлар, қадрлайдиганлар, ва ҳоказоларга йўналтирилганлиги билан асосланади). Шу билан бирга элитар маданиятнинг маълум ютуқлари оммавий маданиятга сингиб кетади. Маданиятдаги «элитар« ва «оммавий» тамойиллар қарама-қаршилиги 20-асрда гуманитар тафаккур ва санъатнинг кўплаб йўналишлари учун асосий мавзулардан бири бўлиб келди («соф санъат» ғояси, «санъатни ғайриинсонийлаштириш» тушунчаси, санъат модернизми, авангардизми, контрмаданият, андерграунд ва бошқалар).[1]

Адабиёт[править | править код]

  • Костина А.В. Массовая культура как феномен постиндустриального общества. 5-е изд. М., 2010.(rus.)

Манбалар[править | править код]

  1. Подвойский Д. Г. МАССОВАЯ КУЛЬТУРА // Большая российская энциклопедия. Электронная версия (2017); Дата обращения: 21.08.2022